Таиланд Қироллиги Конституциявий суди делегациясининг ташрифи

Сана: 23.08.2013

Таиланд Қироллиги Конституциявий суди делегациясининг ташрифи

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Таиланд Қироллиги Конституциявий судининг судьяси жаноб Чалермпон Аке-Уру бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Конституциявий суд раисининг ўринбосари Б.Мирбобоев Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан суд-ҳуқуқ ислоҳотларнинг бориши ва натижалари тўғрисида қисқача гапириб ўтди. Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш ва судлар фаолиятини янада такомиллаштириш борасидаги чора-тадбирлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди ва юқори баҳоланди.

Учрашув давомида делегация раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Таиланд Қироллигининг Конституциявий суди бир неча йилдан буён Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси доирасида ва бошқа халқаро анжуманлар (конференция, симпозиум) доирасида ҳамкорлик қилиб келаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шундай ўзаро фойдали ҳамкорлик икки суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва Конституциянинг устуворлигин таъминлаш борасидаги вазифаларини амалга оширишга кўмаклашиши, айни пайтда идоралар орасида бевосита икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини айтиб, мазкур ташриф шундай ҳамкорликнинг дебочаси бўлишига умид қилишини таъкидлади.

Шундан сўнг меҳмонлар Конституциявий суднинг иш шароити, хусусан хизмат хоналари ва мажлислар зали билан танишиб чиқди. Учрашув сўнгида хорижий меҳмонлар мазкур ташрифни амалга ошириш имкони яратилганлиги учун ўз миннатдорчиликларини билдириб, мазкур учрашув икки идора орасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини билдиришди.