Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг 2-Конгресси бўлиб ўтди

Сана: 30.04.2014

Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг 2-Конгресси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судья Ф.Хусанова ва котибият мудири Ш. Саидқулов таркибидаги делегацияси 2014 йил 27 апрель – 1 май кунлари Истамбул шаҳрида (Туркия Республикаси) бўлиб ўтган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг 2-Конгрессида иштирок этди.

Конгрессда 20 дан ортиқ давлат вакиллари (94 киши) ва учта халқаро ташкилот – Европа Кенгаши Венеция Комиссияси, Европа конституциявий судлари конференцияси, Африка конституциявий юрисдикциялар конференцияси (8 киши), олим ва мутахассислар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конгресс доирасида 2014 йил 28 апрел куни Ассоциация Аъзолар Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтиб, унда Ассоциация аъзолари қаторига Озарбайжон Республикаси Конституциявий суди қабул қилинди. Шундай қилиб, Ассоциациянинг аъзолари сони 14 тага етди.

2-Конгрессда конституциявий судлар томонидан ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, конституциявий ҳуқуқларни конституциявий шикоят ёрдамида ҳимоя қилиш, конституциявий суднинг парламент билан муносабатлари ва конституциявий суд иш юритувида шарҳ бериш услублари каби масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Конгресс якунида “Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси иккинчи Конгрессининг Истамбул Декларацияси” қабул қилинди.