Конституциявий суд делегацияси Конституциявий одил судлов бўйича умумжаҳон конференциясининг III Конгрессида иштирок этди.

Сана: 03.10.2014

Конституциявий суд делегацияси Конституциявий одил судлов бўйича умумжаҳон конференциясининг III Конгрессида иштирок этди.

2014 йил 28 сентябрь – 1 октябрь кунлари Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Конституциявий одил судлов бўйича умумжаҳон конференциясининг 3-Конгрессида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Б.Мирбобоев ва раис ёрдамчиси А.Болтаев таркибидаги делегация иштирок этди. Анжуман Корея Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Венеция Комиссияси томонидан ташкил этилган.

3-Конгрессда 94 та жаҳон мамлакатлари конституциявий назорат органларининг президентлари, раислари, судьялари ва вакиллари, 3 та халқаро ва регионал суд (Халқаро жиноят суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Африка суди ва Марказий Америка суди) вакиллари иштирок этди. Ҳаммаси бўлиб 3-Конгрессда 306 та делегат иштирок этди.

2014 йил 29 сентябрда 3-Конгресснинг очилиш маросими бўлиб ўтиб, унда табрик сўзи билан Корея Республикаси Президенти Пак Кын Хе, Корея Республикаси Конституциявий судининг президенти Пак Хан-Чул, Европа Кенгаши Венеция Комиссиясининг президенти Джанни Букиккио, Бразилия Федерал олий судининг раиси Рикардо Левандовски мурожаат қилди, шунингдек БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг табрик сўзи видеоролик шаклида намойиш этилди.

3-Конгресснинг асосий мавзуси “Конституциявий одил судлов ва ижтимоий интеграция” бўлди. 3-Конгресс мажлисларида глобаллашган жаҳон шароитида ижтимоий интеграция муаммолари, ижтимоий интеграциянинг халқаро стандартлари, ижтимоий интеграцияни таъминловчи, жадаллаштирувчи ёки унга тегишли бўлган конституциявий воситалар, ижтимоий интеграцияда конституциявий одил судловнинг роли ҳамда конституциявий судларнинг мустақиллиги масалалари муҳокама қилинди.

Шу куни Жаҳон конференциясининг биринчи Бош ассамблеяси бўлиб ўтиб, унда аъзолик бадалларининг шкаласи (БМТ маълумотларига асосан ЯИМнинг жон бошига нисбатан миқдорига мувофиқ) белгиланди ва Жаҳон конференциясининг Бюросига уч аъзо – Австрия, Литва ва Туркия конституциявий судлари сайланди.

2014 йил 30 октябрда 3-Конгресс бешинчи сессиянинг асосий маърузасини муҳокамаси жараёнида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Б.Мирбобоев “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва судьяларининг мустақиллигини таъминлашнинг айрим принциплари” мавзусида маъруза қилиб, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсадлари ва бориши ҳамда судларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган суд ходимларининг ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ёритиб ўтди.