Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22-йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Сана: 19.11.2014

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22-йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан Олий суд, Олий хўжалик суди ва Бош прокуратура билан ҳамкорликда  “Конституция ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда суд ва прокуратура органлари роли ва масъулиятининг янада оширилиши” мавзусида ташкил этилган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида Конституциямиз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини, тинчлик-хотиржамликни, сиёсий барқарорликни, ижтимоий тотувликни, иқтисодий тараққиётни таъминлаб келмоқда.

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунидан Президентимиз И.А.Каримов томонидан олға сурилган “шок терапияси” йўли ёки революцион усул билан эмас, эволюцион усулда босқичма-босқич аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаган ҳолда бозор иқтисодиётига ўтиш, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш асосий мақсад сифатида белгилаб олинди. Ана шу мақсадни ўзида ифода этган Конституциямиз мамлакатимиз Президентининг бевосита иштирокида ва раҳбарлигида тайёрланди ва 1992 йил 8 декабрда қабул қилинди ҳамда мамлакатимизда ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган барча қонунлар, шу жумладан кодекслар учун асос бўлди.

Конституциямиз давлат халқ иродасини ифода этишини, унинг манфаатларига хизмат қилишини, давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаи Ўзбекистон халқи эканлигини, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланишини белгилаб берди, давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципини ўзида мустаҳкамлаб қўйди. Ҳар қандай демократик давлатнинг асосий ҳал қилувчи шарти бўлган ҳокимиятлар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг самарали механизмини шакллантирди.

Шу қоидалар асосида мамлакатимизда “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун”, деган ғоя ҳаётга татбиқ этилди. Шу билан бирга Конституцияда фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги тўғрисидаги қоида ҳам ўзининг ифодасини топди.

Конституциямиздаги инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши принципини ҳаётга татбиқ этилишида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳокимиятлар билан бир қаторда суд ҳокимиятининг ҳам муҳим роли бор. Шунинг учун ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш масалаларига алоҳида аҳамият бериб келинмоқда. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини чуқур ислоҳ этиш ва эркинлаштириш бўйича янги концепция ҳаётга татбиқ қилинди. Судлар ихтисослаштирилди, Конституциявий суд, хўжалик судлари ташкил этилди, умумий юрисдикция судлари фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича алоҳида судларга ажратилди, судлар суд қарорларини ижро этиш  каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан озод қилинди, суд тизими ходимларининг ижтимоий ҳимояси янада кучайтирилди ва қатор бошқа тадбирлар амалга оширилди.

Қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ҳужжатларининг Конституцияга мослигига доир ишларни кўрувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш, Конституция ва қонун нормаларига шарҳ бериш ҳамда Конституция ва қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилмоқда.

Умумий юрисдикция судлари тизимида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш, одил судловнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш борасида доимий ишлар олиб борилмоқда. Масалан, жиноят ва жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш натижасида ўлим жазоси бекор қилиниши ва унинг ўрнига узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланиши, қамоққа олишга санкция бериш ваколатининг судларга ўтказилиши, ярашув институтининг жорий этилиши, жуда кўп миқдорда давлат мулкини ўзлаштирган судланувчи етказилган зарарни тўлиқ давлат хазинасига қайтарганда озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазога маҳкум этилиши, жазо тури сифатида судланувчининг мулкини мусодара қилишнинг қонундан чиқарилиши, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши инсонпарварлик принципини янада ривожлантирди.

Юртимизда тадбиркорликни кенг ривожлантириш, ушбу фаолият билан шуғулланувчи субъектларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида хўжалик судлари томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборлидир. Фаолиятни тўхтатиб туриш ва тугатиш, молиявий санкцияларни қўллаш, банкдаги ҳисоб рақам бўйича операцияларни тўхтатиш, лицензияларни тўхтатиб туриш ва тугатиш каби таъсир чораларнинг маъмурий тартибда эмас, балки суд тартибида амалга оширилишининг белгиланиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адолатни таъминлашга қаратилган аҳамиятга молик механизм бўлди. Даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларнинг хўжалик судларига электрон тарзда тақдим этиш, корпоратив низоларнинг хўжалик судлари тааллуқлигига ўтказиш, видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларини ўтказиш каби тадбирларнинг жорий этилиши ҳам бу борадаги салмоқли ишлардан бўлди.

Прокуратура органлари томонидан ҳам қонун устунлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни профилактика қилиш бўйича зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Прокуратура органларининг алоҳида эътибори фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилмоқда.

Конференцияда суд ва прокуратура органларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва масъулиятини ошириш юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Унда парламент палаталари, суд ва прокуратура органлари, вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари, олим ва мутахассислар иштирок этди.