ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

Сана: 06.12.2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида (бундан буён Академия) “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ривожланиши: миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференция Академия, Ташқи ишлар вазирлиги, Конституциявий суд, Адлия вазирлиги томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Конрад Аденауэр номли фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда мамлакатимиз парламенти аъзолари, Конституциявий суд, Олий суд судьялари, Ташқи ишлар, Адлия вазирлиги ва бошқа давлат органлари вакиллари, Бош прокуратура Академияси, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва бошқа ўқув ва илмий муассасаларнинг профессор ўқитувчилари, олимлар, нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Англия, Германия Федератив Республикаси, Россия Федерацияси, Франция, Тожикистон, Япония, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан мутахассис экспертлар иштирок этди.

Конференция ишида Конституциявий суд раиси Б.Мирбобоев табрик сўзи билан чиқди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Академия ректори Р.Қосимов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тараққиёти юзасидан ялпи маъруза қилди. Конференция мавзуси бўйича ҳам ялпи муҳокама, ҳам панель муҳокамалар ўтказилди.

Бу муҳокамаларда иштирок этиб, сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимизнинг тинч, обод ва фаравон ҳаётини таъминлаш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ҳамда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиб келаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда ва ривожланган демократик мамлакатларда давлат бошқарувининг, маъмурий ислоҳотларнинг, халқ ҳокимиятчилиги ва инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигининг амалга оширилишини таъминлаш масалалари ва уларнинг истиқболлари, Конституциянинг устунлиги, конституциявий суд ишларининг юритилиши, Конституциявий судда фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш каби долзарб масалалар бўйича фикр алмашдилар.

Конференция якунларига кўра, билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, конференция материалларининг тўплам сифатида нашр этилиши белгиланди.

 

Конституциявий суд

Котибияти