СУД ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

Сана: 27.05.2019

СУД ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШАДИ

 

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартишлар келгусида судлар фаолиятини янада такомиллаштиради.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйичаҲаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни ижросини таъминлаш, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини замон талаблари даражасида амалга оширишда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан алоҳида масъулият ҳамда ўз вазифаларига жиддий ёндашувни талаб этаётгани сир эмас. Бу эса, ўз навбатида, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш заруратини кун тартибига қўймоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, амалдаги қонунларни замон талаблари асосида такомиллаштирилиши, қолаверса, уларни давлат ва жамият ҳаётидаги туб ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда янгилаб борилиши, мамлакат тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. 

Жорий йилнинг 10 май кунидан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мамлакат Олий суди фаолиятининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан эътиборга молик.

Маълумки, 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда Конституциявий суд ваколатлари кенгайтирилиб, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқиши белгилаб қўйилган.Бироқ бундай ишлар Конституциявий судга қандай тартибда киритилиши ва буни киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектнингҳуқуқлари тегишли қонунларда тартибга солинмаган эди.

Юқорида номи қайд этилган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ва ушбуҚонуннинг “Ўзбекистон Республикаси Олий судиПленумининг ваколатлари” деб номланган 17-моддасининг иккинчи қисми, учинчи хатбоши билан тўлдирилиб, унда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига судлар ташаббуси билан киритилган мурожаати ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқиш”Олий суд Пленуми ваколатига берилди. Ушбу тақдимнома Олий суд Пленумига Олий суд раиси томонидан киритилади. Шунинг учун амалдаги “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасидаги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ваколати, тегишли тартибда “қонунларни шарҳлаб беришни талаб этувчи масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдимномалар киритади; 

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига судлар ташаббуси билан киритилган мурожаати ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми кўриб чиқиши учун тақдимнома киритади” деган жумла билан тўлдирилмоқда.

Албатта, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар келгусида судлар фаолиятини янада такомиллаштирилишига ва улар томонидан тўғри қарор қабул қилишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли, десак муболаға бўлмайди. Чунки, амалиётда судлар томонидан муайян ишлар кўриб чиқлаётганда турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганишга зарурат пайдо бўлади, ва, ўрганиш якуни бўйича муайян иш юзасидан суд ажрими ёки қарорини чиқариши зарур. 

Тасаввур қилинг, масалан, муайян ишга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат, эҳтимол у қонунлар бўладими, ҳукумат ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари-ми, ёки Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятлари-ми, агар улар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ бўлмаса, судья томонидан унга асосан чиқарган қарори қонунга зид бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам судья қарор қабул қилишда муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатни конституцияга мувофиқ эмас деган шубҳага борса, бу масалани кўриб чиқишни Конституциявий судга киритишни сўраб Олий суд раисига мурожаат қилиши керак бўлади. Бунинг тартиб-таомиллари эса тегишлича амалдаги қонунда ўз аксини топмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунига киритилган ўзгартишлар келгусида судлар фаолиятини янада такомиллаштирилишига ва уларнинг самарали фаолият юритиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 

котибияти мудири, юридик фанлар номзоди

 

ЎзА