“ОСОН ЭМАС БУ МАЙДОН ИЧРА ТУРМОҚ...”

Сана: 29.05.2019

“ОСОН ЭМАС БУ МАЙДОН ИЧРА ТУРМОҚ...”

 

Дарҳақиқат, “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш, бу – осон эмас”.

Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида бу сўзни алоҳида таъкидлаб айтганлари бежиз эмас.

Чунки депутат халқ хизматчисидир ва давлат ҳокимияти тизимининг муҳим бўғини ҳисобланган қонун чиқарувчи ҳокимиятдаги унинг ишончли вакили ҳисобланади.

Қолаверса, фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ўзининг конституциявий ҳуқуқларини айнан халқ вакиллари (депутатлар) орқали амалга оширади.

Шунинг учун ҳам ҳар қандай даражадаги вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда депутатлар тўғридан-тўғри сайланади. Улар ўз ваколатларини бевосита халқдан олади ва фақат халқ (сайловчилар) олдида ҳисобдор бўлади.

Халқ дардини юқори минбардан туриб гапириш, унинг юкини кўтариб юриш ҳар кимга эмас.

Юқорида номи қайд қилинган маърузада Президентимиз томонидан депутатларга қарата айтилган “Ижро ҳокимияти идоралари фаолиятини назорат қилишда Президентнинг асосий кўмакчилари ким? Албатта, сиз, муҳтарам депутат ва сенаторлар. Сизлар менинг олдимга келиб, ижро ҳокимияти идораларининг камчилик ва нуқсонлари ҳақида асосли маълумотлар беришингиз, вазирлик ва идоралар фаолиятини такомиллаштириш бўйича масалани кўндаланг қўйишингиз, керак бўлса, вазир ва ҳокимларни лавозимдан бўшатишгача бўлган таклифларни киритишингиз лозим”, деган сўзлари, депутатларга қанчалик масъулият юкланаётганлигини янада яққолроқ тасаввур этиш мумкин.

Очиқ айтиш керак, кўпчилик парламент депутатларини сайловдан кейин “қорасини кўрсатмай кетадиган”, қурук гапдан нарига ўтмайдиган, халқни ўйлантираётган масалаларга юзаки муносабатда бўладиган, халқни эмас, балки, “ижро ҳокимиятини беминнат хизматчиси”га йўяди. Уларни “тиш-тирноғи” йўқликда айблашади. Бироқ, уларни парламент қонун ижодкорлигидаги машаққатли меҳнатини билишавермайди. 

Депутатларни муҳташам залда ўтириб соатлар давомида қонун лойиҳаларини муҳокама қилишини кўриб, гўё улар мажлисбозликдан бўшамайдиган одамлар деган фикрга бориши ҳам сир эмас.

Депутатлик даврида айрим мансабдор шахслар фаолиятини танқид қилган, мажлисларда вазир ёки бошқа мутасадди ташкилот раҳбарларига ўринли савол берган, улар фаолиятидаги жиддий камчиликларни очиб ташлаган депутатларнинг ваколат муддати тугаганидан кейин бир неча ойлар, ҳатто йиллар давомида ишсиз қолиб, ҳамманинг кўзи олдида “шубҳали”, “тақиққа” учраган ва айбсиз айбдор бўлган депутатларнинг, давлат идоралари остонасига қадамини боса олмай қолган инсонларнинг аччиқ ўтмишини ҳамма ҳам билавермайди.

Айнан, шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакат Президенти таклифи билан ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 10 май куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни депутатлик фаолияти кафолатларини янада мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга эътибор қаратсак, Қонуннинг “Депутатнинг ва Сенатда доимий асосда ишлаётган сенаторнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари” деб номланган 16-моддаси матни қуйидаги таҳрирда берилди: “Депутатларга, сенаторларга ваколатлари муддати тугаганидан кейин ишга жойлашишга доир кафолатлар берилади. Ваколатлари муддати тугагач, депутатга, сенаторга ўзининг розилиги билан бошқа лавозимдаги иш, шу жумладан юқорироқ лавозимдаги иш ҳам берилиши мумкин. 

Депутат, сенатор илгариги иш жойига (лавозимига) қайтган тақдирда, депутатнинг, сенаторнинг аввалги эгаллаб турган лавозимига қабул қилинган шахс билан меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 106-моддасининг 2-бандига мувофиқ бекор қилинади.

Корхона, муассаса, ташкилот қайта ташкил этилган ёки ходимлари сони (штати) ўзгарган тақдирда депутатга, сенаторга ваколатлари муддати тугаганидан кейин илгариги иш жойи бўйича бошқа аввалгисига тенг лавозим берилади. Бунда депутатни, сенаторни ишга жойлаштириш мажбурияти ҳуқуқий ворис зиммасига юклатилади.

Корхона, муассаса ёки ташкилот тугатилган тақдирда депутатга, сенаторга ўзининг розилиги билан бошқа корхонада, муассасада ёхуд ташкилотда иш (лавозим) берилади. Бунда депутатни, сенаторни ишга жойлаштириш мажбурияти юқори турувчи орган ёки бошқа ваколатли орган зиммасига юклатилади.

Сайланишига (тайинланишига) қадар, лавозимларга тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан амалга ошириладиган лавозимларда ишлаган депутатларни, сенаторларни ишга жойлаштириш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Қонунчилик палатаси ва Сенат тарқатиб юборилган тақдирда, депутатга, сенаторга ишдан бўшатиш ойлик нафақаси ҳисобга олинган ҳолда ишга жойлашиш даврида қонунда белгиланган тартибда ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Депутатнинг, сенаторнинг ваколатлари муддати умумий иш стажига, хизмат муддатига ва аввалги ихтисоси бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади”.

Бу билан депутатнинг ваколат муддати тугаганидан кейин уни ишга жойлаштириш кафолатлари мустаҳкамланди. 

Ушбу модданинг эски таҳриридаги матнида депутатларга уларнинг ваколат муддати тугаганидан кейин ишга жойлашиши учун ҳеч бир кафолат берилмаган эди. 

Тасаввур қилинг, Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатда доимий асосда ишлаётган сенаторнинг ваколат муддати тугаганидан сўнг, ўзи иш топиши керак бўлган.

Энди эса депутат ва сенаторни овора бўлишига чек қўйилади. Депутат ва Сенатда доимий асосда ишлаётган сенаторнинг ваколат муддати тугаши билан унинг иш билан таъминланиши кафолатлари мустаҳкамланмоқда. Келгусида халқдан ваколат олиб, беш йил парламентда ишлаган депутат ёки сенатор ўз фаолияти учун ҳеч кимни олдида “юзи ерга қарамайди”.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамият ҳам шунда, деб ўйлаймиз.

  

Абдуманноб Раҳимов,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди 

котибияти мудири,

юридик фанлар номзоди

 

 

 

 

ЎзА