КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ВАКИЛИ 7-ЁЗГИ МАКТАБДА ҚАТНАШДИ

Сана: 17.09.2019

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ВАКИЛИ 7-ЁЗГИ МАКТАБДА ҚАТНАШДИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эксперти Ш.Мажидов Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциацияси аъзолари ходимлари учун Туркия Республикаси Конституциявий суди томонидан 2019 йил 8-14 сентябрь кунлари Анқара шаҳрида ўтказилган 7-ёзги мактабида иштирок этди. Ушбу тадбир “Айбсизлик презумпцияси” мавзусига бағишланди.

Тадбирда Ш.Мажидов маъруза билан иштирок этиб, Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ва айбсизлик презумпциясига оид миллий қонунчилик тўғрисида маълумот берди.

7-ёзги мактабда жами 22 та хорижий мамлакатларнинг вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг вакили иштирок этди.

Тадбир доирасида иштирокчилар Туркия Республикаси Конституциявий судининг маъмурий биносига ташриф буюришди ва унинг фаолияти билан танишишди.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди вакилининг иштирок этиши конституциявий одил судлов соҳасида амалий тажриба алмашиш, иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар тўғрисида маълумот бериш ҳамда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси аъзо давлатлар орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш имкониятини берди.

7-ёзги мактаб якунлари бўйича материаллар тўплами нашр этилиши режалаштирилган.

 

Конституциявий суд

Котибияти