КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ВАКИЛЛАРИ ИНДОНЕЗИЯДА БЎЛИБ ЎТГАН ТАДБИРЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШДИ

Сана: 11.11.2019

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ВАКИЛЛАРИ ИНДОНЕЗИЯДА БЎЛИБ ЎТГАН ТАДБИРЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШДИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси Бахтиёр Миралимов ва эксперти Сухроб Норбеков 2019 йил 2-7 ноябрь кунлари Индонезия Республикаси Конституциявий судининг Конституциявий суд ҳамда ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мавзусидаги 3-халқаро симпозиумда, халқаро симпозиум доирасидаги бош котибларнинг мажлисида, Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциацияси аъзолари – конституциявий судлар ходимлари учун қисқа муддатли курсларда, шунингдек Ассоциация Аъзолар кенгаши йиғилишида иштирок этишдилар.

Тадбирлар доирасида Ассоциациянинг Мувофиқлаштириш ва режалаштириш бўйича котибияти, Тадқиқот ва тайёрлаш бўйича котибияти, шунингдек, Инсон ресурсларини ўқитиш ва ривожлантириш марказининг ҳисоботлари ҳамда келажакдаги режалар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Ассоциация Аъзолар кенгаши мажлисида Ҳиндистон ва Мальдив Республикаси Олий судлари Ассоциация аъзолигига қабул қилинди.

Симпозиумда 39 мамлакатдан ўқув ва илмий муассасалар вакиллари, мутахассис олимлар қатнашди.

Ушбу тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди вакиллари Индонезия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлар Конституциявий судлари вакиллари билан мулоқотда бўлиб, кейинги 3 йил ичида мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ суд-ҳуқуқ соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида атрофлича маълумот бердилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди вакилларининг юқорида кўрсатилган тадбирлардаги иштироки Осиё мамлакатлари конституциявий судларининг ролини ошириш бўйича амалий тажриба алмашиш ва симпозиум иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида объектив маълумот етказиш имконини берди.

 

Конституциявий суд

Котибияти