2019 йил 21 декабрда Тошкент шаҳрида “Парламент сайловини ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва ривожланган демократик давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Сана: 23.12.2019

2019 йил 21 декабрда Тошкент шаҳрида “Парламент сайловини ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари: Ўзбекистон ва ривожланган демократик давлатлар тажрибаси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари, Конституциявий суд ходимлари ва бошқа давлат органлари ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, мутахассис олимлар, шунингдек 30 хорижий мамлакат, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 100 га яқин кузатувчилари иштирок этди.

Маълумки, Конституцияда фуқароларнинг асосий сиёсий ҳуқуқларидан бири сифатида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи назарда тутилган. Чунончи, Конституциянинг 32-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

Конституциянинг 43-моддасига мувофиқ давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди. Бу қоида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш ҳам давлат зиммасида эканлигини англатади. Шунга асосан давлат сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тизимини яратади ва такомиллаштиради, уларнинг қатъий бажарилишини таъминлайди, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини бузган шахслар жавобгарлиги юзасидан чоралар белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига мувофиқ қисқа давр ичида сайловга оид 21 та қонун тизимлаштирилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Унга киритилган 30 дан ортиқ янги демократик қоидалар демократик сайловларни ўтказишни янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди. Бу йилги сайлов Сайлов кодекси асосида ўтаётган биринчи сайловдир. Бу сайлов “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини таъминлашни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, 2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган қонунга мувофиқ Конституциямизнинг 117-моддасига ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга ҳам сайлаш ҳуқуқини беришни назарда тутадиган норма киритилди ва шу муносабат билан қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги Сайлов кодексида мустаҳкамлаб қўйилди. Бўлажак сайловларда озодликдан маҳрум этилган 1 минг 905 нафар шахс ўзининг бундай ҳуқуқидан фойдаланади. Бу, ўз навбатида, сайловни янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини кучайтириш соҳасида муҳим қадам бўлди.

Барча сиёсий кучлар учун тенг шароит яратиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Экологик ҳаракат учун махсус ўрин ажратиш амалиётидан воз кечилди. Эндиликда Қонунчилик палатаси, шунингдек маҳалий Кенгашлар депутатлигига номзодлар фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.

Конференция иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда сайлов ўтказишдаги кўрсатиб ўтилган янгиликлар билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларига ҳам сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқини берилганлиги; Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов ҳамда референдумлар ўтказиш бўйича вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланланганлиги; сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ва сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини яратилиши ва бошқалар диққатга сазовор эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги устидан шикоят қилиш ҳуқуқи, хусусан судга шикоят қилиш ҳуқуқининг таъминланиши ва уларнинг ҳуқуқларини бузган айбдор шахсларга нисбатан қонунда тегишли жавобгарлик белгиланганлиги ҳам фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишларининг муҳим кафолатларидан бўлиб ҳисобланади ва сайлов соҳасидаги халқаро стандартларга мос келади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида сайловга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи алоҳида боб назарда тутилган. Сайловни ташкил қилиш, уни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳам жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар мавжуд.

Халқаро конференцияда муҳокама қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишининг конституциявий-ҳуқуқий кафолатлари, Ўзбекистонда сайлов қонун ҳужжатларининг ва сайлов тизимининг ривожлантирилиши, Марказий Осиё мамлакатлари ва Японияда парламент сайловларини ўтказишнинг умумий ва ўзига хос хусусиятлари, Германия сайлов тизими, электорат билан ўзаро алоқаларни тартибга солинишида Буюк Британия тажрибаси, Корея Республикасида парламент сайловларига тайёргарлик кўриш, уни ташкил этиш ва ўтказиш, парламент сайловларида ошкоралик ва очиқликни таъминлаш бўйича Европа стандартлари, парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказишда Туркия тажрибаси билан боғлиқ бўлган масалалар конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Муҳокамалар сўнгида конференция иштирокчилари Ўзбекистонда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминловчи ҳамда халқаро демократик принциплар ва стандартларга тўла мос келадиган самарали янги ҳуқуқий база яратилганлигини қайд этдилар. Конференция давомида олинган материаллар, маъруза ва муҳокамаларда билдирилган ғоялар ва таклифлар сайлов тўғрисидаги қонунларни такомиллаштиришда, халқаро сайлов стандартларини, қонучиликдаги ижобий халқаро тажрибани Ўзбекистоннинг, шунингдек бошқа мамлакатларнинг сайлов амалиётида татбиқ этилиши мумкинлиги тўғрисида ишонч билдирдилар.

Қуйида конференцияда иштирок этган айрим хорижий ва халқаро кузатувчиларнинг фикр ва мулоҳазалари қисқача баён этилади.

Джон Хейворд – Буюк Британия Консерватив партияси Форуми раҳбари.

Ўзбекистонда сайловда кузатувчи сифатида иштирок этиш имконига эга бўлганимдан миннатдорман.

Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажарилишида мамлакатингизда охирги уч йилда, айниқса қонун устуворлиги ва суд хокимиятининг мустақиллигини таъминлаш каби соҳаларда эришилган ютуқларни мамнуният билан қайд этиш лозим.

Шунингдек, мамлакатдаги очиқ демократияни барпо этиш йўлидаги хар бир қадамни халқаро ҳамжамият мамнуният билан қарши олмоқда.

Яқин келажакда маълум ойлар ва йиллар ўтгандан кейин амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг натижасини беради. Фуқаролар сайловлар ўртасида ҳам ўзларининг кундалик хаётларидаги ўз оилалари келажагига таъсир этадиган масалалар бўйича ўзларининг фикрларини эмин-эркин билдиришларига имконият яратилади.

Менинг Ўзбекистонга нисбатан 2019 йил охиридаги бўлган умидим бундан 25 йил олдин Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюрганимда бўлган умидимдек қолади, яъни Ўзбекистон тобора рақобатбардош, очиқ ва демократик мамлакатга айланади, эҳтимол Марказий Осиёда умид ва эркинлик намунаси бўлади.

Ом Гу ХО – Ханьян университети Осиё-Тинч океани тадқиқот маркази директори.

Ўзбекистонда “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”деган энг мухим конституциявий тамойилни амалга ошириш мақсадида 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатда фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини химоя қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Умумий ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш ёки унга тенглаштирилган эркин овоз беришни талаб қиладиган халқаро сайлов стандартларига риоя қилиш демократия ва асосий фуқаролик ҳуқуқларининг пойдеворидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида президент сайлови, парламент ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши ва Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга эканликлари белгиланган. Парламент томонидан сайлов соҳасидаги халқаро стандартлар ва талабларга мувофиқ қабул қилинган Сайлов кодекси конституциявий нормаларни амалга оширишда ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, сайлаш ва фикрлаш, сўз ва фикр эркинлигини таъминлашнинг амалий механизмларини яратади.

Сўнгги уч йил ичида рўй берган чуқур ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, биз 2019 йилги сайловлар мутлақо янги сиёсий шароитда партияларнинг ғоялари ва дастурлари ўртасида қизғин ва адолатли рақобат шароитида ўтказилишини ва парламент томонидан қабул қилинган Сайлов кодекси демократик сайловлар учун ишончли ҳуқуқий ва институционал асос бўлади деб айта оламиз.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

котибияти