КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ҚОНУНЛАРНИ БУЗАЁТГАНИ ЙЎҚ

Сана: 07.09.2020

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ҚОНУНЛАРНИ БУЗАЁТГАНИ ЙЎҚ

 

 

Шу кунларда ижтимоий тармоқлардаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва унинг раиси ваколатлари муддати тўғрисидаги айрим мақолалар кўпчиликда нотўғри фикрларни шакллантирмоқда.

Бундай фикрларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Шуҳрат Полвонов тўлиқ жавоб берган бўлсада, яна баъзи қўшимча маълумотларни беришни лозим деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан. Ҳозирги кунда Конституциявий суднинг ташкил этилиши ва фаолияти 2017 йил 31 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ тартибга солинади. Қонунга мувофиқ Конституциявий суд Конституциявий судга кўриб чиқиш учун қонунда белгиланган субъектлар томонидан киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилиб келмоқда. Қабул қилинган қарорлар ҳақида Конституциявий суднинг расмий веб-сайтидан маълумот олиш мумкин.

Конституциявий суд томонидан кўриладиган ишларнинг кўплиги ёки камлиги Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектларга боғлиқдир.

Кейинги тўрт йил ичида Янги Ўзбекистон ижтимоий ҳаётини демократлаштирга қаратилган амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритувчи субъектлар доирасини ҳам кенгайтириб, улар қаторига фуқаролар ва юридик шахсларни ҳам қўшишни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда шундай ўзгаришларни қонунчиликка киритиш масаласи юзасидан қонун лойиҳаси тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (www.regulation.gov.uz) портали орқали кенг жамоатчиликнинг фикри олинди ва лойиҳа такомилига етказилди. Ўйлаймизки, келгусида Конституциявий судга кўриб чиқиш учун фуқаролар томонидан масала киритилиши Конституциявий суд томонидан кўриб чиқиладиган ишларнинг сонини кескин оширади.

Иккинчидан. Конституциявий қонуннинг 6-моддасига мувофиқ “Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас”. Бу қоида 2017 йил 1 июндан бошлаб сайланган судьяларга нисбатан татбиқ қилинади. Қонунга мувофиқ судьянинг ваколат муддати беш йилни ташкил этади.

Конституциявий қонун қабул қилингунгача амал қилган Конституциявий суд тўғрисидаги қонунда Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддатига нисбатан чеклов белгиланмаган.

Конституциявий қонунда Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади деб белгиланган. Қонунчилик техникасига мувофиқ “қоида тариқасида” деган тушунча умумий талаб бўлиб, айрим пайтда истисноли ҳолатлар бўлиши мумкинлигини англатади. 

Учинчидан. Қонунга кўра Конституциявий суд таркибини шакллантиришда учта субъект иштирок этади. Яъни, Конституцивий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан сайланади. Судьяларни сайлашда номзоднинг маънавий фазилатлари, ҳаётий тажрибаси, билими ва салоҳияти эътиборга олинади.

Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида судьялари орасидан сайланади. Яъни, ким судья, суд раиси ёки раис ўринбосари бўлиб сайланиши бир ёки икки кишининг хоҳиш-истагига боғлиқ эмас.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисидаги қонуннинг асосий қоидалари Германия, Франция, Россия каби ривожланган демократик мамлакатларнинг конституциявий судлов тўғрисидаги қонунларига мос келади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолиятида қонун бузилиши ҳолатлари мавжуд эмас.

  

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг

Котибияти