ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ ҚАРОРИ

Сана: 09.07.2020

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ ҚАРОРИ

2020 йил 9 июль                                                                 Тошкент шаҳри

  

“Ўзбекистон Республикасининг

Конституциявий суди тўғрисида”ги

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш

ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий қонуни лойиҳасини

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида

  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис Б.Мирбобоев, судьялар А.Гафуров, Ф.Каюмов, С.Кошаева, Б.Миралимов, Г.Пиржанов ва К.Улжаевдан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 14-моддасига амал қилган ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақидаги ишни очиқ мажлисда кўриб чиқди.

Конституциявий суд мазкур масала юзасидан маърузачи судья С.Кошаеванинг ахборотини тинглаб ва иш бўйича мавжуд ҳужжатларни ўрганиб,

                                     а н и қ л а д и:

 Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорида назарда тутилган тадбирлар ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
8 августдаги “Н
орма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5505-сонли Фармони билан тасдиқланган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси
9-бандида фуқаролар, хўжалик юритувчи субъектлар, давлат органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан шикоят қилиш ва ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилиш ҳақидаги талабнинг кўриб чиқилиши тартиб-таомилларини такомиллаштириш, бунда Конституциявий суднинг ролини аниқлаш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сонли Қарори билан тасдиқланган Чора-тадбирлар дастурининг 7-бандида Конституциявий суд ва Адлия вазирлигига “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юкланган:

Конституциявий судга масалалар киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларни киритиш орқали кенгайтириш;

Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал хусусиятларини (судга масала киритиш тартиби, суд муҳокамаси, муддатлари, суд қарорларининг ижроси ва бошқаларни) тартибга солувчи нормаларни киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-5953-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастури 14-бандида қонун нормаларининг Конституцияга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасини кенгайтириш мақсадида Конституциявий суд, Олий Мажлис палаталари (келишув асосида), Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига қонун лойиҳасини тайёрлаш ва унда Конституциявий судда қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доирасига фуқаролар ва юридик шахсларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказини киритиш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
22 июндаги “
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6012-сонли Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг
22-бандида ҳам ушбу масала назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси юзасидан Олий Мажлис палаталари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар, фикр-мулоҳазалар инобатга олинган.

Шунингдек, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (www.regulation.gov.uz) да умумхалқ муҳокамасига қўйилган. Муҳокама давомида 60 дан зиёд таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб тушди. Келиб тушган таклиф ва фикр-мулоҳазаларнинг барчаси таҳлил қилиниб, уларнинг аксарият қисми қонун лойиҳасини такомиллаштиришда ҳисобга олинди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда Конституция ва қонун устунлиги принципини таъминлашга хизмат қилади.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб ва “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 14, 31, 32, 33-моддаларига, “Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг 5, 26-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд

Қ А Р О Р    Қ И Л Д И:

     1. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилсин (илова қилинади).

2. Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Гафуров ва Конституциявий суднинг судьяси С.Кошаева ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун ўз вакиллари этиб тайинлансин.

 3. Ушбу қарор “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ахборотномаси” ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинсин.

 

Ўзбекистон Репсубликаси 
Конституциявий суди