ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ ҚАРОРИ

Сана: 03.09.2020

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИНИНГ ҚАРОРИ

 

2020 йил 3 сентябрь                                                                 Тошкент шаҳри

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий
судининг 2020 йил 9 июлда қабул қилинган
“Ўзбекистон Республикасининг
Конституциявий суди тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий
қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий қонуни лойиҳасини
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида”ги 
қарорига ўзгартиш киритиш тўғрисида

  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раис Б.Мирбобоев, судьялар А.Гафуров, Ф.Каюмов, С.Кошаева, Б.Миралимов, Г.Пиржанов ва К.Улжаевдан иборат таркибда, 2020 йил 9 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида”ги Конституциявий суд қарорига ўзгартиш киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.

Конституциявий суд мазкур масала юзасидан қуйидагиларни

 а н и қ л а д и:

 2020 йил 10 августда қабул қилинган “Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ “Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида”ги Қонуннинг 5 ва 26-моддаларига ўзгартишлар ва қўшимча киритилган.

 

Мазкур Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қонунчилик палатасида ўзи киритган қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун, шу жумладан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида, қоида тариқасида, маъруза билан сўзга чиқиш учун ўз вакилини тайинлайди.

Шунингдек, Қонун 26-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили кўрсатилади, у қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этади. Қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида маъруза билан сўзга чиқадиган вакили ҳам кўрсатилади (бундан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти шахсан сўзга чиқадиган ҳоллар мустасно).

Шуларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2020 йил 9 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида”ги қарорининг 2-бандига тегишли ўзгартиш киритиб, унда қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун Конституциявий суднинг вакилини ҳамда уни биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида маъруза билан сўзга чиқадиган вакилни белгилаш лозим.

Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, Конституциявий суд

 Қ А Р О Р    Қ И Л Д И:

 Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2020 йил 9 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш ҳақида”ги қарорининг 2-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“2. Ушбу қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этиш учун Конституциявий суднинг вакили этиб судья С.Кошаева, уни биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида маъруза билан сўзга чиқадиган вакил этиб Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Гафуров белгилансин”.

 

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди