2026 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси, Одил судлов академияси, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Тошкент давлат юридик университети вакиллари ҳамда Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ишончли вакили А.Болтаев, “LAWFULL” Адвокатлик фирмаси адвокати А.Рахимов ҳамда тегишли давлат органлари вакиллари ва Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирокида, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 32439-моддаси олтинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28, 54 ва 55-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Мурожаатчилар Конституциявий суддан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 32439-моддаси олтинчи қисмининг Конституцияга мувофиқлигини аниқлашни сўраган. Шунингдек Бизнес омбудсман мурожаатида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш тафтиш тартибида Олий суднинг бир нафар судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши ва унинг қарори устидан шикоят қилиш имконияти мавжуд эмаслиги, бошқа суд иш юритувларида тафтиш инстанцияси қарорларини қайта кўриб чиқиш механизмлари мавжудлиги, маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бундай имкониятдан маҳрум қилинганлиги, бу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳақидаги қоидага зид эканлигини, маъмурий жавобгарликка тортилган шахснинг айбдорлиги борасида тафтиш инстанциясида қолган шубҳалар бошқа суд инстанцияси томонидан текширилмасдан узил-кесил ҳал этилиши, бу эса айбсизлик презумпцияси принципини бузиши ҳамда янги очилган ҳолатлар асосида қайта кўриб чиқишни сўраш муддатини чеклашга оид важлар келтирилган.
Ишни кўриб чиқиш жараёнида қайд этилишича, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижаси бўйича қарорининг узил-кесиллиги суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини бузмайди, чунки бу ҳуқуқ биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси судларида амалга оширилади. Шунингдек, қонунчиликда янги очилган ҳолатлар бўйича қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш механизми ҳам назарда тутилган. Тафтиш инстанцияси ишни Олий суд даражасида кўриб чиқади, шикоят важлари билан чекланмасдан, қўшимча далилларни инобатга олган ҳолда ишни тўлиқ ҳажмда текширади, суд қарорларининг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини баҳолайди. Бунда шахс суд мажлисида иштирок этиш, тушунтиришлар бериш ва илтимосномалар билдириш ҳуқуқларига эга.


Суд мажлисида Конституциявий суд судьяси А. Рахимовнинг маърузаси, Одил судлов академияси ректори Ш. Абдуқодировнинг кўрилаётган иш юзасидан фикри ҳамда “LAWFULL” адвокатлик фирмаси адвокати А. Рахимовнинг қўшимча тушунтиришлари тингланди.

Конституциявий суд билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, текширилаётган норма шахсни суд ҳимоясидан маҳрум қилмаслигини ҳамда суд хатоларини тузатишнинг етарли кафолатлари мавжуд бўлган шароитда ҳуқуқий аниқлик манфаатлари билан шахснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ўртасида мутаносиб мувозанатни таъминлашини эътироф этди.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 133-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 4-моддаси биринчи қисмининг 1-банди ва иккинчи қисми, 81, 82, 83, 84, 97 ва 102-моддаларига амал қилинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 32439-моддаси олтинчи қисмини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28, 54 ва 55-моддаларига мувофиқ деб топди. Конституциявий суд қарори қонунда белгиланган тартибда эълон қилинади.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди